Даниянинг бўлғуси қироли ҳақида нималар маълум
Британия қироличаси Елизавета II вафотидан кейин тахтда Европанинг барча монархларидан кўра кўпроқ ўтирган Маргрете дунёдаги ягона ҳукмдор қиролича бўлиб қолаётганди. У тахтга ўтирганидан кейин роппа-роса 52 йил ўтиб, 14 январда ўз ҳукмронлигини тугатишга қарор қилди. Маргрете тахтдан воз кечганидан кейин тахтни шаҳзода Фредерик эгаллайди.
“Вақтим келганида, мен кемамиз рулига тураман, – деди у онасининг 2022 йилги олтин юбилейига бағишланган нутқида, “Мен ҳам отангизнинг қўлидан рулни қабул қилиб сиз ушбу кемани бошқарган йўлдан 1000 йиллик монархиямизнинг бошида турган ҳолда бораман”.
Бўлажак қирол ота-онасининг обрў-эътиборига қарши чиққан оддий ўсмирликдан намунали оила бошлиғи, тўрт фарзанднинг отаси, жонкуяр эколог ва иқлим ўзгаришига қарши курашувчига айланди, деб ёзади BBC.
Кўпчиликнинг фикрича, шаҳзода Дания қуролли кучларининг учта бўлинмасида хизмат қилаётганда бўлажак монарх бўлиш масъулиятини чинакам тушунган.
Хусусан, у қатъий танлов талаблари бўлган денгиз флоти ғаввослари корпусида хизмат қилган. Фредерик 300 нафар кўнгиллилар орасидан танланган тўрт нафар ишга ёлланганлардан бири эди.
2000 йилда у Дания Ҳарбий-ҳаво кучларининг Каруп шаҳридаги учувчилар мактабида ҳарбий учувчи сифатида ҳам ўқиган.
Ўша йили у Гренландия бўйлаб тўрт ойлик 3500 км чанғи экспедициясида қатнашади.
Шаҳзода Фредерик бўлажак рафиқаси Мэри Дональдсон билан 2000 йилги Сидней Олимпиадасида танишган. Скандинавия қироллик оилалари ўзларини инглизлар каби сипо тутишмайди, шунинг учун «оддий» фуқаролар билан никоҳлар истисно эмас.
Мэри у билан бир неча соат суҳбатлашган келишган европалик сайёҳ Дания валиаҳд шаҳзодаси эканлигини билмасди. Хайрлашишдан олдин Фредерик ундан телефон рақамини сўрайди.
Бир йил давомида ишқий муносабатлар масофадан туриб давом этади, бироқ Фредерик бўлажак рафиқаси билан учрашиш учун Австралияга вақти-вақти билан яширинча келарди. Натижада Мэри 2001 йилда Дания тилини ўрганиш учун Данияга келади.
Қироллик жуфтлигининг тўрт фарзанди бор: валиаҳд шаҳзода Кристиан Вальдемар Анри Жон, малика Изабелла Генриетта Ингрид Маргрете ва эгизаклар: шаҳзода Винсент ва малика Жозефина.
Бўлажак қирол ногиронларнинг аҳволини яхшилаш ва жамиятнинг барча қатламлари ва барча ёшдаги кўпроқ данияликларнинг илм-фан таълимига эга бўлишини таъминлаш тарафдори.
Британия қироллик анъаналаридан воз кечган ҳолда, валиаҳд шаҳзода Фредерикнинг расмий тож кийиш маросими бўлмайди. Бунинг ўрнига унинг тахтга ўтирилиши 14 январь куни Копенгагендаги Амалиенборг қасрида эълон қилинади.
Дания конституцион монархия ҳисобланади, шунинг учун қиролнинг функциялари фақат рамзий маънога эга. Лекин у нафақат Дания, балки Гренландия ва Фарер оролларининг (Шимолий Атлантикада Исландия ва Шотландиянинг шимолий учи ўртасидаги тахминан ярми) ҳам давлат раҳбарига айланади.
Шарҳлар