Дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Фото: eco.gov.uz

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим моддаларига қўшимча ва ўзгартириш киритилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар беряпти.

«Мақсад дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликни кучайтиришдир. Хусусан, МЖтКнинг 79-моддасига киритилаётган ўзгаришларга кўра, дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш фуқароларга БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача (айни дамда 5 бараваридан 10 бараваригача), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача (айни дамда 10 бараваридан 15 бараваригача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади», – дейилади хабарда.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашё ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёси мусодара қилиниб, фуқароларга БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача (айни дамда 10 бараваридан 20 бараваригача), мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 75 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш (айни дамда БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима) жазоси қўлланилади.

Қолаверса, 79-моддага 4-қисм ҳам қўшилмоқда. Унга кўра, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққан мансабдорлар БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 1997-йил 26-декабрда қабул қилинган “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги 543–И-сонли Қонунига 49-моддасига иккита қисм қўшилмоқда.

49(1)-моддага кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний равишда кесган ёки йўқ қилган ҳуқуқбузарлар ҳар бир дарахт ва бута ўрнига ўша жойда қимматбаҳолиги жиҳатидан кам бўлмаган 100 туп дарахт ва бута кўчатини экиши белгиланмоқда. Бу Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги органларининг қарорига кўра амалга оширилади ва ҳуқуқбузар дарахтларни ўз ҳисобидан экиб, 3 йил давомида парвариш қилади. Агар ушбу жойда дарахт ва бута кўчатларини экиш учун ер майдони етарли бўлмаса, дарахт ва бута кўчатларининг қолган қисми тегишли маъмурий-ҳудудий бирликдаги бошқа жойга экилади.

«Ғайриқонуний кесилган ёки йўқ қилинган дарахтлар ва буталарнинг қиймати, уларнинг ўрнига экиладиган кўчатларнинг турлари, шунингдек, экиш муддатлари ва жойини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади», – дейилади вазирлик хабарида.

49(2)-моддасига кўра эса давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний кесган, йўқ қилган юридик шахслар БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.

Дарахт ва буталарни қонунга хилоф равишда кесиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.