Энди дарахт кесганлар ўз ҳисобидан дарахт экади
2024 йилнинг 1 мартидан кучга кирган 916-сонли Қонун билан айрим ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесган, кундалов қилган, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққан шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади.
“Дарахтларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундалов қилганлик ёки шикастлантирганлик учун маъмурий жазо чоралари кучайтирилиб, бир-бирини такрорловчи нормалар чиқариб ташланди”, – дейилади хабарда.
“Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунда эса давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ноқонуний равишда кесган ёки йўқ қилган шахслар компенсациявий дарахт ва бута кўчатларини айнан дарахт ва бута кесилган жойга экиш ҳамда уларни 3 йил давомида парвариш қилиш мажбурияти белгиланган.
Шунингдек, янгиланган қонунда дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесганлик ёки йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилиши қайд этилган.
Шарҳлар