Шўртан дарвозабони Шерзод Абдураимовнинг лицензияси қайтариб олинди

Фото: yuz.uz

Шўртан дарвозабони Шерзод Абдураимов Машъал футболчиси Иброҳим Ғанихоновнинг юз қисмига боши билан зарба бериб, рақибини жароҳатлади ва бу спортчининг лицензияси қайтариб олинишига сабаб бўлди.

Пролига 4-туридан жой олган Машъал — Шўртан учрашувининг 87-дақиқасида меҳмонлар посбони Шерзод Абдураимов спортчига хос бўлмаган хатти-ҳаракатни амалга оширган. У аввалига ўз дарвозасидан иккинчи голни ўтказиб юборган. Кейин эса уни нишонлаётган Машъал футболчиси Иброҳим Ғанихоновнинг юз қисмига боши билан зарба бериб, рақибини жароҳатлаган.

Бу Шерзод Абдураимов билан содир этилаётган номақбул ҳаракатнинг биринчиси эмас. У 2020 йилнинг 1-декабрь куни Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб бораётган Фарғонанинг икки клуби — Нефтчи ва Турон ўртасидаги учрашувда ҳам ўз хулқи билан ёдда қолганди. Беллашувни бошқариб борган ҳакамга ҳужум қилганлар орасида Абдураимов ҳам бўлиб, ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси бунинг учун дарвозабонни 1 йил муддатга футболдан четлатган ва 15 миллион сўм жаримага тортган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.