Даулетмурат Тажимуратовнинг адвокати Олий судга апелляция тақдим этди
Нукусдаги намойишларни уюштиришда айбланаётган Даулетмурат Тажимуратовнинг укаси ва адвокати Ринат Тажимуратов Ўзбекистон Олий судига апелляция шикоятини тақдим этди, деб ёзади “Медиазона”.
Тажимуратов акасини 16 йилга озодликдан маҳрум қилган биринчи инстанция судининг қарори устидан шикоят қилмоқчи.
Расмийлар журналист Даулетмурат Тажимуратовни Қорақалпоғистондаги норозилик намойишларининг асосий ташкилотчиси деб атаган. Бухоро вилоят суди 31 январь куни уни ҳокимиятни эгаллаб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариш мақсадида фитна уюштириш, ўта йирик миқдорда талон-тарож қилиш, жиноий даромадларни легаллаштириш, зўравонлик билан кечган оммавий тартибсизликларни уюштириш ва бир гуруҳ шахсларнинг олдиндан келишиб олган ҳолда Интернетдан фойдаланиб ижтимоий хавфли материалларни тарқатишда айбдор деб топди.
Давлат айбловчиси Тожимуратовни 18 йилга озодликдан маҳрум этишни сўради. Судья журналистни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди ва унга етказилган 228,8 миллион сўм миқдорида зарарни тўлаш мажбуриятини юклади. 2022 йил декабрь ойи ўрталарида Бош прокуратура Нукус воқеалари бўйича жами 171 киши айблангани ҳақида хабар берган эди.
2022 йил июль ойи бошида Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетини бекор қилувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бошланганди. Расмийлар бошланган норозилик намойишларини «ҳукумат органларини босиб олишга уриниш» деб атади ва фавқулодда ҳолат жорий этганди.
4 июль куни мамлакат парламенти тузатишлар лойиҳасидан Қорақалпоғистон суверенитети ҳақидаги моддани чиқариб ташлади. Бош прокуратура маълумотларига кўра, митинглар чоғида 21 киши ҳалок бўлган, улардан тўрт нафари ҳуқуқ-тартибот ходимларидир. Икки юздан ортиқ одам жароҳатланган.
Шарҳлар