Давлат бюджети лойиҳаси: 2025-йилда ижтимоий йўналишлар учун қанча маблағ ажратилмоқда?
Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “2025-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилишлар бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда палата матбуот хизмати ёзмоқда.
8-ноябрь куни Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган йиғилишда ҳам мазкур қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Таъкидланганишича, келгуси йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳасида барча соҳалар қатори ижтимоий йўналишларга кенг ўрин берилган. Жумладан, таълим соҳасига 84,3 трлн. сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Ушбу маблағлар жами Давлат бюджети харажатларининг қарийб 25 фоизини ташкил этиб, бу 2024-йилга нисбатан 13,2 трлн. сўмга кўп. Хусусан, умумий таълимга 54 трлн. сўм, мактабгача таълимга 15,8 трлн. сўм ҳамда олий ва ўрта-махсус таълимга 14,5 трлн. сўм маблағлар ажратилиши режалаштирилган.
Ажратилаётган бу маблағлар таълим сифатини янада яхшилашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш учун йўналтирилади. Чунончи, умумтаълим мактабларида ўқувчилар сони 2025-йилнинг 1 сентябрь ҳолатига қарийб 6 млн. 800 мингга етиши натижасида 1,1 трлн. сўмга яқин қўшимча харажатлар йўналтирилади.
Умумтаълим соҳасига бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг йилдан- йилга кўпайтирилиши туфайли келгуси йилда умумтаълим мактабларида бир ўқувчига тўғри келадиган йиллик харажатлар миқдори 7 млн. сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Шунингдек, давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчи 1,4 млн. болаларни ота оналар томонидан тўланадиган тўловдан ташқари озиқ-овқат харажатларини қоплаш учун бюджетдан 2,5 трлн. сўмга яқин ёки 2024-йилга нисбатан 15 фоизга кўп маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.
Давлат олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида ўқийдиган талабалар сони 197,5 минг нафарга етказилиши эътиборга олиниб, 2025-йилда таълим соҳасидаги давлат дастурларини молиялаштириш учун 10,7 трлн сўм, яъни, 2024-йилдан 11 фоизга кўп маблағлар ажратилиши назарда тутиляпти.
Муҳокамалар давомида депутатлар синфхоналардаги болалар сонини белгиланган меъёрлар асосида мақбуллаштириш, мактаб кутубхонларини бадиий ва илмий китоблар билан бойитиш, мактаблардаги компьютер синфларини замонавий ўқув қуроллари билан таъминлаш, янгидан мактаблар қуриш каби масалалар бўйича ўз муносабатларини билдиришди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ушбу масалаларга ойдинлик киритиб, атрофлича тушунтиришлар бериб ўтдилар.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида кўзда тутилган янгиликлар, аввало, инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Айни пайтда қонун лойиҳаси концепцияси муҳокамасига бағишланган йиғилишлар давом этмоқда.
Шарҳлар