Давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга доир Президент Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси тайёрланди.

Лойиҳада:

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги – Давлат бошқаруви академияси – “Эл-юрт умиди” жамғармасининг доимий ҳамкорлигига асосланган давлат хизматида кадрлар тайёрлаш кластерини жорий этиш назарда тутилмоқда;

давлат хизматчилари билан меҳнат шартномасини дастлаб 1 йил муддатга тузилиши ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра шартнома доимий муддатга узайтирилиши белгиланмоқда;

давлат хизматига илк бор қабул қилинганлар дастлаб мажбурий қайта тайёрлаш курсларида, кейинчалик ҳар 3 йилда малака ошириб бориши назарда тутилмоқда.

Шунингдек:

Раҳбарликка иқтидорли кадрларни танлов асосида жалб этишга қаратилган “ТОП-100” дастури жорий этишга доир таклиф ишлаб чиқилган.

Давлат хизматчиларида касбий маданиятни шакллантириш мақсадида Агентликда Одоб-ахлоқ комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бўлинма ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Давлат органларидаги лавозимларни эгаллаш бўйича очиқ танловларни ўтказишнинг ҳуқуқий тартиботлари мустаҳкамланмоқда ҳамда ушбу соҳада қонунбузилиш ҳолатларига жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Давлат хизматида ойлик иш ҳақи тизимини тубдан ислоҳ қилиш белгиланмоқда. Бунда, лавозимлар юклатилган вазифаларнинг мураккаблиги даражасига кўра “грейд” (синф)ларга ажратилиб, иш ҳақи белгиланиши назарда тутилган.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тузилмасида Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази ташкил этилмоқда.

Юқоридагилар билан бир қаторда, лойиҳа билан қуйидагиларни тасдиқлаш назарда тутилмоқда:

  • Давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг рўйхати;
  • Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри;
  • Давлат фуқаролик хизматида танлов ўтказиш тартиби;
  • Миллий кадрлар захирасини шакллантириш тартиби;
  • Давлат фуқаролик хизматчиларининг малака даражалари тўғрисидаги низом;
  • Давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий компетенцияларини узлуксиз равишда ошириш тартиби тўғрисидаги низом;
  • 2024–2025 йилларда давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш бўйича амалий тадбирлар режаси.

Ҳозирда Фармон лойиҳаси соҳа мутахассислари ва халқаро экспертлар, фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида такомиллаштирилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.