Энди давлат гранти ҳар йили юқори баҳоларга ўқиган талабалар орасида тақсимланади
6 май куни Президент ҳузурида олий таълим йўналишларини оптималлаштириш, қабул ва малака тизимларини такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Бугунги кунда бакалавриатда 306 та йўналиш, магистратурада 625 та мутахассислик бор. Лекин уларнинг айримлари халқаро стандартлар ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос эмас. Бу битирувчиларда тўлиқ малака шаклланиши ва уларнинг ишга жойлашишида муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.
Шу боис таълимнинг халқаро таснифи, илғор хорижий тажриба асосида бакалавриат ва магистратура йўналишларини қайта кўриб чиқиш ҳамда айни пайтда талаб юқори бўлган соҳаларда янги йўналишлар очиш бўйича таклифлар билдирилди.
«Кейинги асосий масала бу – олий таълимга қабул тизимини янада адолатли қилиш ва давлат грантларини иқтидорга йўналтириш. Ҳозирги қабул тизими, квоталарнинг тақсимланиши рақобатни тўлиқ таъминламаяпти. Айрим абитуриентлар юқори балл тўпласа-да, топширган олийгоҳининг квотаси сонига қараб, ўқишга киролмай қолиши мумкин», – дейилади хабарда.
Янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди.
Яна бир янгилик: энди давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади.
Давлат раҳбари бу тизимни адолатли йўлга қўйиш, ёшларга ва ота-оналарга етказиш зарурлигини таъкидлади.
Шарҳлар