Бакалавр ва магистрлар тайёрлаш бўйича давлат гранти тасдиқланди
“2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги Президент фармойиши (Ф-36-сон, 19.07.2024 й.) қабул қилинди, деб хабар беради “Ҳуқуқий ахборот” Telegram-канали.
Фармойишга кўра, 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари қуйидагича тасдиқланди:
- бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига — 34 838 нафар этиб;
- магистрлар тайёрлаш бўйича — 9 365 нафар этиб.
Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бир ҳафта муддатда қуйидаги таклифларни Давлат комиссиясига тақдим этади:
— республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига ажратилган 1200 та давлат грантининг тақсимоти юзасидан;
— Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда хотин-қизлар учун ажратилган 2000 та давлат грантининг тақсимоти юзасидан;
— ўзбек тили ва адабиёти, тарих, маданият, санъат ва ҳунармандчилик йўналишларида ўқиш истагини билдирган, хорижда истиқомат қилаётган ёш ватандошлар учун 30 та давлат гранти бўйича.
Бундан ташқари, давлат олий таълим муассасаларига киришда тўплаган балига нисбатан маълум миқдордаги қўшимча балл бериладиган шаклдаги имтиёзга эга абитуриентлар 2024/2025 ўқув йилида танлаган таълим йўналиши бўйича белгиланган ўтиш бали ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, тўплаган балига мос равишда давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида қўшимча квота билан талабаликка тавсия этилади.
Шарҳлар