Давлат хизматлари марказларида солиқ бўйича хизматлар вақтинчалик чекланиши мумкин

Foto: soliq.uz

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси веб-ресурслари фаолиятини оптималлаштириш ҳамда катта ҳажмдаги маълумотлар янги серверларга миграция қилиниши муносабати билан жорий йилнинг 31 октабрь соат 23:00 дан 5 ноябрь соат 23:59 га қадар ахборот тизимларида ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилиши билдирилди.

“Шунга кўра, давлат хизматлари марказларида Солиқ қўмитаси томонидан тақдим этиладиган хизматларидан фойдаланиш вақтинчалик чекланиши мумкинлигини маълум қиламиз”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, шу муносабат билан жорий йилнинг 30 октабрь соат 18:30 дан 5 ноябрь соат 23:59 га қадар онлайн НКТ чекларини таҳрирлаш имконияти ҳам вақтинчалик чекланади.

31 октабрь соат 23:00 дан 5 ноябрь соат 23:59 га қадар эса жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқларни тўлаш, солиқ ҳисоботи ва декларацияларни тақдим этиш, солиқ қарздорлиги ҳақида маълумотларни электрон тарзда олиш ҳамда бошқа электрон хизматлардан фойдаланиш вақтинча тўхтатилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.