Давлат экология қўмитаси Ангренда ёқилғи тўкилиши муносабати билан тўпланган ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этади
11 декабрь куни Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари Ангрен нефть базаси яқинида 11,5 минг литр ҳажмдаги АИ-80 бензини сизиб чиққан жойга ташриф буюришди.
Давлат экология қўмитасининг маълум қилишича, нефть маҳсулотларини сақлаш омбори экологик хавфлилиги бўйича 1-тоифали объект ҳисобланиб, корхонага берилган давлат экологик экспертиза хулосасига кўра нефть сақлаш сиғимлари жойлашган ҳудудда авария ҳолатларини инобатга олган ҳолда ҳовузлар ташкил этилиши лозим.
«Корхонадаги мавжуд ҳовузлар белгиланган талаб даражасида эмаслиги натижасида нефть маҳсулотлари маҳаллий ариқ орқали Дукенсой сойининг сув ҳавзасига сизиб чиққан».
Ҳозирда нефть билан ифлосланган сув ҳавзасидан олинган таҳлил намуналари лаборатория текширувидан ўтказилмоқда. Таҳлил натижалари асосида табиатга етказилган зарар суммаси ҳисоб-китоб қилинади.
Давлат инспекторлари томонидан корхонага нисбатан тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилади, дейилади хабарда.
Шарҳлар