Президент Миллий эстрада институти фаолияти билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада институти фаолияти билан танишди.
Бу таълим маскани давлат раҳбарининг 2020 йил 2 декабрдаги қарори асосида, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги доирасида ташкил этилган эди.
Ўтган йили институт учун 500 ўринли янги бино қуриб, фойдаланишга топширилган. Бу ерда ўқиш ва ижод учун барча шароит яратилиб, аудиториялар зарур мусиқа анжомлари ва техникалар билан жиҳозланган.
Институтда эстрада вокал санъати, чолғу ижрочилиги, техноген санъат, бастакорлик санъати, санъатшунослик, дирижёрлик каби йўналишларда мутахассислар тайёрланмоқда. Бугунги кунда 479 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга профессор-ўқитувчилар, халқ артистлари дарс беради.
Президент дарс жараёнларини кузатиб, ўқитувчи ва талабалар билан мулоқот қилган.
«Аввало, мана шундай даргоҳ билан сизларни, бутун санъатсевар ёшларимизни табриклайман. Биз бу ишларни нима учун қиляпмиз? Санъатимизнинг буюк меросини, ёшларимизнинг нималарга қодирлигини дунёга тараннум этиш учун. Институтга миллий санъатимизда феномен бўлган Ботир Зокиров номини берганимиз ҳам бежиз эмас. Бу ерда унинг муносиб издошларини тарбиялашни, истеъдодини юзага чиқаришни мақсад қилганмиз», – деди давлат раҳбари.
Ўқув юрти кутубхонасида саккиз мингдан ортиқ адабиёт ва ноталар жамланган. Миллий эстрада бўйича илмий, амалий ва ижодий изланишлар олиб бориш учун тадқиқот маркази ҳам ташкил этилган.
Шарҳлар