Давлат молиявий назорати инспекцияси йўл қурилиши соҳасида миллиардлаб ноқонуний харажатларни аниқлади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталарининг қўшма мажлисида Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси раҳбарининг 2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармалари томонидан соҳани ривожлантириш учун ажратилган маблағларнинг сарфланиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти муҳокама этилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар беради.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясининг 2021-2022 йилларда йўл хўжалиги лойиҳаларида амалга оширилган қуриш-таъмирлаш ишларини ўрганишлари кўрсатганидек, 45 та ҳолатда 34 млрд 575 млн сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланган. Шундан 2022 йил иккинчи чорак якуни бўйича жами 23 млрд 177 млн сўмлик қурилиш-монтаж ишлари қонунга зид равишда сарфланган.
Бундан ташқари, Бош прокуратура томонидан олинган маълумотларга кўра, 2021 йил ва жорий йилнинг биринчи ярмида прокуратура органлари ҳудудий жамғармаларда жами 20 та текшириш ўтказиб, назорат тадбирларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 6 та тақдимнома киритилган, 12 нафар мансабдор шахсга огоҳлантириш эълон қилинган, 11 нафар шахс интизомий ва 21 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 12 та жиноят ишлари қўзғатилган.
Мисол учун, Наманган вилояти Поп туманидаги 4Р-125 “Ғурумсарой – Хонобод – Чодак – Гулистон” автомобиль йўлининг 10–37 км қисмида лойиҳа қиймати 3 млрд сўмлик капитал таъмирлаш ишларини бажаришда “Наманган кўприклардан фойдаланиш” УК мансабдор шахслари томонидан ҳақиқатда бажарилмаган 2,5 млрд сўмлик иш ҳажмини ҳисоботларга қўшиб ёзиш орқали жамғарма маблағларини талон-торож қилингани аниқланган.
«Шу билан бирга, йўл ишлари дастурлари тасдиқлангандан сўнг йил давомида уларга қўшимча объектларнинг киритилиши ҳисобига йилдан-йилга ўтувчи объектларнинг сони ва қиймати ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Ушбу объектларнинг йиллар давомида фойдаланишга топширилмаслиги ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Жумладан, объектларнинг дастлабки қийматига нисбатан бир неча бор қимматлашишига, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати пасайишига, бюджет маблағларидан самарасиз фойдаланишга ва харажатларнинг кескин ошишига олиб келмоқда», – дея қайд этади Сенат аъзолари.
Шарҳлар