Давлат раҳбари бу йил қишда Тошкентда иссиқликни кафолатлашни топширди
«Бугун келишимиздан мақсад – ўтган йилги сабоқдан натижа нима бўлганини кўриш», – деди давлат раҳбари шанба куни пойтахт бўйлаб қилган сафарида. Бу ҳақда президент матбуот хизмати ёзади.
«Бунинг учун керакли қарорлар қабул қилдик, катта маблағлар ажратдик. Хориждан технологиялар, мутахассислар олиб келдик. Соҳа ходимлари қўшимча ўқитилди, уларнинг ойликлари оширилди. Ҳозир раҳбарларга ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўп қаватли уй, мактаб, шифохоналарга кириб, иссиқликни кафолатлаш бўйича яна топшириқлар бердим. Энг муҳими, бу борада халқ назоратини йўлга қўямиз. Шу билан бирга, энергия тежамкорлик маданиятини ошириш керак. Сизга ўхшаган кўпни кўрган инсонлар, зиёлилар бунда намуна, давлатга кўмакчи бўлиши зарур», – деди президент.
Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманида ишга туширилган когенерация иншоотини кўздан кечирди. Оқтепа ва Боғзор маҳаллалари ўтган қишдаги аномал совуқда иссиқлик таъминотида узилишлар рўй берган вазият мураккаб бўлган ҳудудлардан эди. Бу ерда 50 та кўп қаватли уй, 7 та ижтимоий муассаса ва ўнлаб тадбиркорлик шохобчалари бор.
Ушбу ҳолатнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун бу ерда бир вақтнинг ўзида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарадиган когенерацион қурилмалар ишга туширилди. Улар соатига 4,6 МВт электр энергияси ҳамда 29 гигакалориядан ортиқ иссиқлик ишлаб чиқариш қувватига эга.
Лойиҳа доирасида қозонхонадан истеъмолчиларгача бўлган барча иссиқлик таъминоти инфратузилмаси реконструкция қилинди. Иссиқлик магистрали алмаштирилди, ҳар бир турар жой биноси ва ижтимоий объектларда алоҳида иссиқлик тақсимлаш пунктлари ўрнатилди. Жами 13 минг метр узунликдаги иссиқлик тармоқларини янги, изоляцияли қувурларга алмаштириш ҳисобига тўлиқ ёпиқ тизимга ўтказилди ва йўқотишлардан ҳимоя қилинди.
«Мажмуа ишга туширилиши натижасида йилига 5,3 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади. Атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар 67 фоиз камаяди, оқова сув ташланмалари эса умуман бўлмайди», – дейилади хабарда.
Боғзор ва Оқтепа маҳаллаларидаги трансформаторлар алмаштирилди, электр узатиш тармоқлари янгидан тортилди.
Шунингдек президент Шайхонтоҳур туманидаги 3-сонли иссиқлик марказини бориб кўрди. Бу мажмуа 1972 йилда қурилган. Бу ердаги 5 та қозонхона умумий қиймати 400 Гкал қувватга эга. Жами 491 та кўп қаватли уй, 150 дан ортиқ ижтимоий соҳа муассасаларга иссиқлик етказиб беради.
Ўтган қишда ҳаво кескин совиб кетиши оқибатида табиий газ босими пасайиб, истеъмолчиларга иссиқлик етказиш қийин бўлган эди. Шунинг учун жорий йилда иссиқлик марказида муқобил ёқилғидан фойдаланиш имкони яратилди. Хусусан, мазут хўжалиги қурилиб, қозонларнинг иккитаси аралаш шаклда – газ ва мазутда ишлашга мослаштирилди. Барча қозонхоналар таъмирланди. Шунингдек, газ босимини таъминлаш мақсадида иншоотга 4,6 километр алоҳида қувур тортилди.
Хабарда айтилишича, тармоқ 30 даража совуқ ҳароратгача барқарор ишлайди. Бундай пайтларда захираланган мазутдан ишлатилади. Қувурлар изоляцияси мустаҳкамлангани учун иссиқлик йўқотилиши камайтирилган. Натижада аҳолига 65 даражадан кам бўлмаган иссиқлик етказиб берилади.
Худди шу тартибда 5-сонли иссиқлик маркази ҳам модернизация қилинган.
«Ўтган йилги синовдан ва имкониятларимиздан келиб чиқиб, иссиқлик таъминотини модернизация қилаяпмиз. Энди иссиқликни сақлаш ва тежаш чораларини кўриш керак», — дея қайд этади Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, давлат раҳбари Шайхонтоҳур туманида «Пахтакор» стадиони яқинидаги янги подстанцияни кўздан кечирди. Лойиҳа доирасида «Тракторсоз» подстанциясидан 19 километрдан зиёд кабел тортилиб, 2 та трансформатор ўрнатилди. Объек келгуси ойда ишга туширилади.
Бунинг натижасида пойтахт марказида кафолатланган 130 МВт қўшимча электр энергияси ҳосил бўлади. Шаҳардаги бошқа подстанцияларга юклама камайиб, авариявий ҳолатлар эҳтимоли 60 фоизга қисқаради, дейилади хабарда.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудовнинг маълум қилишича, айни пайтда яна 5 та подстанция қуриш ва 4 та подстанцияни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, улар жами 850 МВт қувват беради.
Шарҳлар