Давлат раҳбари савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик бекор қилиниши билдирди

Источник: пресс-служба президента Узбекистана

Савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади (Жиноят кодексининг 189-моддаси). Бу ҳақда тадбиркорлар билан учрашувда Ўзбекистон президенти маълум қилди.

Биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига жазо чораси қўлланилмайди. Бунинг ўрнига камчиликларни бартараф этишга солиқ идоралари кўмакчи бўладиган тизим жорий этилади. Жарималар миқдори ҳам тадбиркорларнинг тўлаётган солиғидан ошиб кетмаслиги керак.

Юқорида айтилган барча таклифларни амалга ошириш учун Президент ҳузурида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилади.

Президент Савдо-саноат палатаси ва унинг худудий бўлинмаларининг фаолияти ҳам тубдан ўзгаришини айтди. Бундан буён, улар:

– туман, шаҳар тадбиркорларини бирлаштириб, уларни қийнаётган муаммо ва масалаларни аниқлаш билан амалда шуғулланади;

– ҳар бир туман ва шаҳарда илғор методикалар асосида бизнесга ўқитиш мактабларини ташкил қилади;

– ҳоким ва бошқа ҳудудий раҳбарларга кўриб чиқиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколатига эга бўлади;

– маҳаллий Кенгаш ва ҳокимлар билан ҳар ой камида икки марта танқидий муҳокамаларни ўтказади.

Шу билан бирга, Савдо-саноат палатасининг ўзига ҳам:

– ҳукуматга кўриб чиқиши мажбурий бўлган масала киритиш;

– тадбиркор манфаатини кўзлаб  Олий судга ариза бериш ҳамда иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиш ваколатлари берилади.

Савдо-саноат палатаси Ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади.

Президент кўп иш ўринлари яратган, бизнеснинг янги йўналишларини йўлга қўйган, ўз соҳасида инновация ва ислоҳотлар қилган ва эл-юрт орасида обрў топган бизнес вакилларини муносиб эътироф этиш учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этишни таклиф қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.