Давлат раҳбари спортчиларни қўлга киритган ютуқлари билан табриклади
Учрашувда Олимпиада ўйинларида юртимиз вакиллари бир қатор рекорд натижаларни қўлга киритгани қайд этилди.
Масалан, дзюдо бўйича бизда илгари олтин медал бўлмаган эди. Бу сафар матонатли дзюдочи Диёра Келдиёрова томонидан ушбу марра забт этилди. Олимпия ўйинлари тарихида ўзбекистонлик аёллар ўртасида биринчи марта олтин медални қўлга киритди. Шу тариқа Диёра яна бир рекорд ўрнатди.
Яна бир жасур спортчи – Светлана Осипова эса, таеквондо бўйича биринчи кумуш медални эгаллаб, мамлакатимиз аёллар спорти тарихида янги саҳифа очди. Шу тариқа спортчи қизларимиз битта Олимпиадада илк бор 2 та медални қўлга киритиб, янги рекорд ўрнатишга эришдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон таеквондо бўйича биринчи марта Олимпия ўйинларида 2 та медални қўлга киритди. Айниқса, моҳир спортчи Улуғбек Рашитов Олимпия ҳаракати солномасида таеквондо бўйича энг ёш тоифада икки карра Олимпия чемпиони бўлди.
Шу пайтгача дунёда фақат 4 нафар спортчи шундай юксак шарафга сазовор бўлган эди. Улуғбек эса бешинчи бўлиб, уларнинг сафидан муносиб ва мустаҳкам жой эгаллади. У оёғидан қаттиқ жароҳат олганига қарамай, шиддатли финал жангида кучли рақибга қарши мардона жанг қилиб, ғолиб қаҳрамонга айланди.
Бокс бўйича миллий терма жамоаси олтин медаллар сони бўйича мамлакатимиз тарихида Олимпия ўйинлари рекордини янгилади ва умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Эркаклар ўртасида еттита олтин медалнинг бештасини ёки 71 фоизини бизнинг боксчиларимиз қўлга киритдилар.
Фурсатдан фойдаланиб, Президентимиз Ўзбекистон ифтихорлари – моҳир боксчиларимиз Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Халоқовни ана шундай шонли ютуқлари билан яна бир бор қизғин табриклади.
Эркин кураш бўйича 12 йиллик танаффусдан сўнг яна Олимпиада олтин медали қўлга киритилгани ҳам тарихий ютуқ бўлгани таъкидланди.
Шу муносабат билан давлат раҳбари моҳир курашчи Разамбек Жамаловни ҳам самимий қутлаб, унга янги зафарлар тилади.
Мамлакат жамоаси эришган ютуқларда кумуш медал соҳиби – оғир атлетикачи Акбар Жўраев, бронза медал совриндорлари – эркин курашчи Ғуломжон Абдуллаев, тажрибали дзюдочиларимиз Музаффарбек Тўрабоев, Алишер Юсуповнинг ҳам ҳиссаси катта бўлгани эътироф этилди.
Шарҳлар