Ўзбекистонда вазирликларнинг 100 дан ортиқ бошқарув ходими тадбиркорлик билан шуғулланаётгани аниқланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вазирлик ва идоралар, давлат муассасалари ва ташкилотлар ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатларини аниқлаш юзасидан ўрганишларни давом эттирмоқда, деб ёзади ЎзА.
Хусусан, Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Маданият вазирликлари ва уларнинг тизимидаги ташкилотлар ўрганилди. Мазкур тузилмаларда фаолият юритаётган 107 нафар бошқарув ходими 116 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланди.
Жумладан, Транспорт вазирлигининг 50 та бошқарув ходими 55 та тадбиркорлик субъектида, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 37 та бошқарув ходими 39 та тадбиркорлик субъектида ҳамда Маданият вазирлигининг 20 та бошқарув ходими 22 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келган.
Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш бўйича мазкур вазирликларга Агентлик томонидан киритилган тақдимномалар ушбу вазирликлар томонидан танқидий муҳокама қилинди.
Тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 4-моддасига асосан давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмас.
«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ўрнатилган.
Шарҳлар