Давлатга хиёнат қилишда айбланиб 5,5 йилга қамалган Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ ходими озодликка чиқди
2020 йилда давлатга хиёнатда айбланиб 5,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ ходими Қодиржон Юсупов озодликка чиқди. Бу ҳақда “Озодлик” “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциациясига асосланиб хабар беради.
Маълумотларга кўра, собиқ дипломат 10 июнь куни колонияни тарк этган. Қайд этилишича, Юсупов суд томонидан белгиланган муддатдан бир йил олдин озод этилган. Бироқ, бу аниқ нима сабабдан содир бўлганлиги номаълум. Келгуси йил давомида Ўзбекистон фуқароси маъмурий назорат остида бўлади.
Кўпчилик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Юсуповга қарши иш уйдирма бўлиб, унинг ўзи ҳам адолатсиз суд қурбонига айланган.
“Озодлик” бир пайтлар Ўзбекистоннинг Австрия, Буюк Британия, Судан ва Яқин Шарқдаги элчихоналарида ишлаган дипломатнинг ҳикоясини қисқача эслади. 2018 йил декабрь ойида Юсупов Тошкент метросининг “Пушкин” бекатида ўзини поезд остига ташлаб, ўз жонига қасд қилишга уринган эди. Аммо эркак тирик қолди, шундан сўнг у пойтахт шифохоналаридан бирига ётқизилган.
Ҳодиса натижасида ТИВнинг собиқ ходими бошидан оғир жароҳат олган. Юсуповнинг яқинларининг сўзларига кўра, у ўзини “Ғарб жосуси” деб айта бошлаган. Шундан сўнг Юсуповнинг қариндошлари дипломат 1995 йилдан бери шизофрения билан оғриганини аниқлади.
Аммо кейинроқ Давлат хавфсизлик хизмати терговчилари собиқ дипломатни Ғарб разведкаси учун ишлаганликда айблаб, беморга нисбатан давлатга хиёнат моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди.
2020 йил 9 январь куни Ўзбекистон Ҳарбий суди Қодиржон Юсуповни беш йилу олти ойга озодликдан маҳрум қилди.
Шу билан бирга, судланувчи тергов томонидан унга нисбатан босимлар ҳақида бир неча бор гапирган. Бироқ республика ҳокимияти бу шикоятларни эътиборсиз қолдирган. Шунингдек, Юсуповга зарур тиббий муолажаларни ўтказиш имконияти берилмаган. Бундан ташқари, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ТИВнинг собиқ ходимига нисбатан қийноқлар ва ғайриинсоний муносабат ҳақида гапириб, Ўзбекистон фуқаросини зудлик билан озод қилишни талаб қилган. Аммо охир-оқибат у тайинланган муддатининг кўп қисмини колонияда ўтказган.
Шарҳлар