«Davr Bank» мансабдори тадбиркор билан тил бириктиргани фош бўлди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида банкка боғлиқ жиноий иш кўриб чиқилди. Унда фирибгарликда айбланиб судланган МЧЖ директорига суд ҳукми чиқарилди.
Суд ҳужжатида маълум бўлишича, тадбиркор бир МЧЖни норасмий равишда тўлиқ ўзи бошқариб келиб, ХАТБ “Davr Bank” Учтепа филиалида ишлаб келган Р.Х.билан гаровга қўйилган мулкни тақиқдан ечиш борасида ўзаро тил бириктирган. Улар 60 ой муддатга ажратилган 3.309.334.000 сўмга тенг бўлган 350.000 АҚШ долларини кредитни тўлиқ сўндирилмаган бўлсада, банк хатини сохталаштириб, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастрига тақдим этиб, мулкни тақиқдан чиқарган.
Хабарга кўра, «Учтепа туман прокуратураси терговчиси Т.Гафуровнинг 2023 йил 21 декабрдаги қарорига кўра ишнинг банк ходими Р.Х.га оид қисми, ЖПК 84-моддаси 5-қисмининг 1-бандига асосан тугатилган».
Судланувчи тадбиркор Т.Х. ўз айбига қисман иқрорлик билдириб кўрсатув бериб ўтган. ХАТБ “Davr Bank” Учтепа филиалининг 2024 йил 5 февралдаги хатига кўра банк олдидаги Т.Х.нинг кредит бўйича қарздорлиги 2.879.044.074 сўмни ташкил этиб, гаров тариқасида тақдим этилган кўчар ва кўчмас мулклар кредит пулларини сўндиришга етарли дея баҳоланган.
Якуний ҳукмга кўра, ЖК 59-моддасининг 8-қисми ва 61-моддаси тартибида Т.Х.га, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2023 йил 22 августдаги ҳукми билан тайинланган, жарима жазосини тўлиқ қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 399,5 баравари миқдоридаги 119.850.000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Шарҳлар