Жиноят иши қўзғатилганига қарамай, дефектолог Дилором Жабборова Наманганда янги марказ очди
Фирибгарлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳолат болалар омбудсмани томонидан назоратга олинганига қарамай, дефектолог Дилором Жабборова яқинда Наманганда овоз марказини очди ва Бухорода яна бир комплексни ишга туширишини эълон қилди. Бу ҳақда “Взгляд” нашри хабар бермоқда.
Дилором Жабборова 1 апрель куни қўлида ўқлов билан Намангандаги овоз маркази тантанали очилиш маросимини ўтказди. Унда ўз фарзандларини “сеанс”га юборишни режалаштирган ота-оналарни кўриш мумкин эди.
Видеолавҳада Дилоромнинг рақсга тушгани, қизил тасмани кесиб, дуо ўқиб, марказдаги биринчи дарсга болалар ва катталарни таклиф қилгани, шундан сўнг унинг манзилига олқишлар йўлланганини кўриш мумкин. Логопед кейинги қадам Бухоро вилояти эканини мамнуният билан маълум қилган, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда тарқалган, бир аёл дудуқланган болани сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга урингани акс этган видео бўйича Болалар омбудсмани ўрганиш олиб борган ҳамда иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда эканлиги, Д.Ж.нинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётганруҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган эди.
Шунингдек, дефектологнинг ҳаракатларида алдаш ва одамлар ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ва унинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган ва жорий йилнинг 27 февраль куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Шарҳлар