5 йилдан буён қидирувда бўлган ўзбекистонлик шахс Туркияда қўлга олинди
Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган, фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб 2019 йилдан буён қидирувда бўлган, 1977 й.т. Атабек Абдуллаев бугун, 12 сентябрь куни Бош консулхона ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикасига депортация қилинди. Бу ҳақда Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси хабар бермоқда.
Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёхуд унинг қуйи тизимларига мурожаат қилиш сўралади.
Жиноий жавобгарликдан қочиб хорижий давлатларда, шу жумладан Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишда давом эттирилади ва жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, кейинги вақтларда фирибгарлик содир этилиши ҳолатлари юзасидан Бош консулхонага келаётган мурожаатлар сони ортганлигини инобатга олиб, фуқаролардан фирибгарларга алданиб қолишдан огоҳ бўлишлари сўралди.
Шарҳлар