Депутатлар Қаршида улкан байроқ устунини ўрнатиш учун барибир маблағ ажратишга қарор қилди
Қарши шаҳрида қиймати 1,35 млрд сўмлик улкан байроқ устуни ўрнатилиши билан боғлиқ воқеа ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлиб, ушбу қиммат қурилиш музлатиб қўйилганидан сўнг ярим йилдан кейин яна давом этмоқда, деб ёзади “Новости Кашкадарьи” нашри.
Эслатиб ўтамиз, шу йил апрель ойида Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида 62,5 метр баландликда Давлат байроғи илиниши ва унинг биргина устуни (флагштоки) қурилишига 1 миллиард 350 миллион сўм сарфланиши назарда тутилгани ҳақида хабарларганди. Ўшанда майдоннинг амфитеатр олдидаги хиёбон билан туташ қисмида улкан байроқ устуни пойдевори бунёд этилаётгани, бу ноёб объектнинг буюртмачиси Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси, пудратчиси «Воҳа махсус монтаж сервис» масъулияти чекланган жамияти экани ҳам маълум қилинган эди.
Байроқ устуни ҳақидаги хабар кўплаб интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлар орқали тез орада кенг оммага тарқалиб, қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Орадан кўп вақт ўтмай, муҳокамаларга сабаб бўлган байроқ ўрнатилишига Зойир Мирзаев муносабат билдириб, унинг бу борадаги фикрлари вилоят ҳокимлигининг расмий Telegram каналида келтириб ўтилди.
– Ҳар биримизнинг Ватанимизга бўлган муҳаббатимиз чексиз. Рамзлари ҳам қадрли, – дея қайд этганди вилоятнинг собиқ раҳбари ўз муносабатида. – Лекин бунинг учун халқдан, тадбиркорлардан келаётган маблағ эвазига бу қийматдаги қурилишни бугунги вазиятда амалга ошириш бефойдадек, чоғи. Бу фикрни ижтимоий тармоқларда кўпчилик юртдошларимиз ҳам билдириб ўтишибди. Шундан келиб чиқиб, Зойир Мирзаев устун учун сарфланиши кўзда тутилган 1,35 миллиард сўм Қарши шаҳридаги хароба ётоқхонанинг таъмирига йўналтирилишини таъкидлаб, мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрамига устун эмас, фуқароларимиз учун шинам хонадонлар туҳфа қилишни афзал билди.
– Устун масаласига келсак, бирор ҳомий томонидан ихтиёрий қўллаб-қувватлансагина қурилади, – дея ваъда қилганди З.Мирзаев. – Давлат бюджетидан маблағ сарфланмайди. Шу ўринда, бу каби маблағларнинг сессияларда тасдиқланишида маҳаллий кенгаш депутатларини, жамоат фаоллари иштирокидаги «халқпарвар комиссия»ларини ҳам фаолликка чақираман. Давлатнинг бир сўми ҳам мақсадсиз ёки самарасиз кетмаслиги керак.
Бироқ 15 ноябрдаги «Қарши шаҳар маҳаллий бюджетининг 2021 йилнинг III-чорак якуни бўйича даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидаги маблағларни йўналтириш тўғрисида»ги қарори иловасига мувофиқ, Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармасига «Ўзбекистон Республикасининг 65 метрли Давлат байроғини ясаш ва ўрнатиш ишлари харажатларига» 300 миллион сўм ажратилиши белгиланди.
Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Қарши шаҳар ҳокими шу йил 16 ноябрь куни ободонлаштириш бошқармасига шаҳарда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, гул ва дарахтлар экиш, қурилиш-таъмирлаш ва бошқа харажатларга қўшимча маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди ва унинг иловасида ҳам 65 метрлик Давлат байроғи устунини ўрнатишга 300 миллион сўм маблағ йўналтирилаётгани қайд этилган.
– Бундан кўриниб турибдики, жорий йилнинг апрель ойи охирида нафақат Қашқадарё, балки бутун республика миқёсида кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлган объект – Қарши шаҳридаги Мустақиллик майдонида бунёд этилиши режалаштирилган улкан Давлат байроғи илиниши мўлжалланган баланд устунни ўрнатиш ишлари яқин кунлардан бошлаб давом эттирилиши мумкин, – дея қайд этилади хабарда.
«Воҳа махсус монтаж сервис» ҳақида нималар маълум
Тадбиркорлар реестрига кўра, ушбу корхонанинг асосий фаолият тури – сув таъминоти, иситиш ва ҳавони кондиционерлаш тизимларини монтаж қилиш. Устав жамғармаси – 2,5 млн сўм. Таъсисчи – Суярова Зилола Нормўминовна (100%).
Шарҳлар