Депутатлар ЙҲҚни бузганлик учун ҳайдовчиларга жарима баллари берилиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда
Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун жарима балларини ҳисоблаш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 28 ноябрь куни мазкур қонун лойиҳасини қабул қилди, дея хабар беради «Газета.уз» нашри.
Агар ҳайдовчининг жарима балли 12 баллдан ошиб кетган бўлса, ҳайдовчи маълум муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлади. Бу охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун қўшимча жазога айланади. Шу билан бирга, маълум муддат давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларнинг жарима балллари камайтирилиши мумкин.
Жарималарни биринчи йўл ҳаракати қоидалари бузилган пайтдан бошлаб ундириш ва уларни E-jarimaball тизимида рўйхатдан ўтказиш таклиф этилмоқда. Ҳайдовчи 8 балл тўплаганида, у SMS орқали огоҳлантириш олади, сўнгра жарима балли 12 ва ундан ошганида яна огоҳлантирилади. Масалан, светофорнинг қизил чироғидан ўтганлик учун (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−4-моддаси) 2 балл, қувиб ўтганлик учун (128−8) — 1,5 балл, тезликни оширганлик учун (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 128−3-модда) 0,5 дан 2 баллгача, тонировка учун – 1-2 балл жазо белгиланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо муддати тугагандан сўнг, ҳайдовчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳондан ўтиши керак бўлади.
Шарҳлар