Бухорода янги қурилаётган аэропортда ҳафтасига 100 та рейс йўлга қўйилади

Фото: presizdent.uz

Илғор хорижий тажриба асосида Когон туманида 1 минг гектарда йирик саноат мажмуаси барпо қилинмоқда. Биринчи босқичда 300 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. Бу вилоят иқтисодиётига йилига 250 миллион доллар қўшилган қиймат, 2 мингта иш ўрни, 250 миллиард сўм солиқ тушуми ва 100 миллион доллар экспорт беради.

Шунингдек, вилоятда электротехника, заргарлик, қурилиш материаллари, кончилик, йўл қурилиши, меҳмонхона соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳаларни тезлаштириш, инвесторларга ҳар томонлама кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди.

Бухоро туманида қурилиши бошланган нефть-кимё кластери ишга туширилса:

  • импорт бўлаётган бензол, олефин, ароматик углеводород, нафтадан пентан ва гексан эритгичлари ишлаб чиқарилади;
  •   вилоят саноатига 4,5 триллион сўмлик қўшилган қиймат ва 600 та юқори даромадли иш ўрни яратилади;
  • экспорт 130 миллион долларга ошиб, йилига 300 миллиард сўм солиқ тушуми пайдо бўлади.

Бухорога хориждан 5 миллион турист келиши учун катта замин ҳозирланмоқда. Лекин, вилоятдаги 30 та тарихий ёдгорликка эътибор сустлиги учун уларга сайёҳлар бормаяпти.

Шу муносабат билан Имом ал-Бухорий, Аббос Алиев ва Мухтор Ашрафий обидаларига туташ ҳудудлар, деҳқон бозори ва минг йиллик тарихга эга Бухоро дарвозаси, Исмоил Сомоний мақбараси, истироҳат боғи ва сунъий кўлни жозибадор туризм мажмуасига айлантириш муҳимлиги таъкидланди.

““Чор Минор” ва “Истеза” мадрасалари, “Самарқанд” ва “Дарвозаи Саллохона” дарвозалари, “Масжиди Калон” каби объектларни дренаж тизимини таъмирлашга 35 миллиард сўм ажратилади”, – дейилади хабарда.

Бухоро аэропорти туристлар оқимини 2 баробар ошириш режаси учун кичиклик қилаётганлиги боис кеча Бухоро туманида ҳозиргидан 3 баробар кўп қувватга эга 226 миллион долларлик янги замонавий халқаро аэропорт қурилишига старт берилди. Бу ерда ҳафтасига 100 та рейс йўлга қўйилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.