ДХХ ҳажга юборишни ваъда қилган шахсларни қўлга олди

Фото: кадр из видео

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари уч вилоятда фуқароларни ҳажга ноқонуний равишда жўнатиш бўйича навбатдаги уринишларга чек қўйди.

Жумладан, пойтахтда юқори мартабали танишлари орқали икки фуқарога виза расмийлаштириб, 12 минг доллар эвазига Саудия Арабистонига ҳаж сафарига жўнатишни ваъда қилган 1966 ва 1968 йилларда туғилган икки ака-ука қўлга олинди. Улар талаб қилинган суммани олаётган вақтда қўлга тушди.

Терговга қадар олиб борилган тергов-суриштирув ишлари давомида ушбу ноқонуний тадбиркорлик билан муқаддам икки марта фирибгарлик учун судланган Тошкент шаҳридаги сайёҳлик компаниясининг ижрочи директори ҳам алоқадорлиги маълум бўлди.

Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги сайёҳлик компанияси ходими маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, жорий мавсумда ҳаж зиёратига бориши учун у ва онасидан алдов йўли билан 15 минг АҚШ долларини талаб қилади. У сўралган сумманинг 7 минг долларини олаётган вақтда қўлга олинди. Маълум бўлишича, у сайёҳлик агентлиги раҳбари билан тил бириктириб иш қилган.

Фарғона вилоятида иккита ҳолатга чек қўйилди. Улардан биринчисида, Бағдод туманида яшовчи 34 ёшли фуқаро ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни 8,7 минг доллар эвазига ҳажга жўнатишини ваъда қилиб, ундан 17,4 минг доллар талаб қилган ва ундан сумманинг 10 минг долларини олаётган вақтда қўлга тушган.

Марғилон шаҳрида Қўштепа туманида яшовчи фуқародан ҳаж сафарини ташкил қилиш учун 14 минг доллар талаб қилган сайёҳлик компанияси раҳбари 10 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.