ДХХ Олий суд ходимини пора олаётган пайтида ушлади
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари икки нафар суд ходимини пора олаётганликда гумон қилиб қўлга олди, дея хабар беради Давлат хавфсизлик хизматининг матбуот хизмати.
Тошкентда ўтказилган тезкор тадбир давомида Олий суднинг жиноят ишлари бўйича коллегиясининг катта маслаҳатчиси 10 минг доллар пора олаётганида ушланди. Тергов жараёнида у жиноят ишини кассация тартибида Олий суддан Фарғона вилоят судига ўтказиш орқали муқаддам судланган икки нафар шахсни оқлашда ёрдам беришни ваъда қилгани маълум бўлди.
Яна бир ҳолатда Сурхондарё вилоят хўжалик ишлари бўйича судлов ҳайъати катта судья ёрдамчиси маҳаллий тадбиркордан судьялар орқали апелляция кўриб чиқиш босқичида ишини ижобий ҳал этиш эвазига 6 минг доллар олган. Шунингдек, у тадбиркорнинг Термиз туманлараро хўжалик судига берган даъвоси юзасидан ижобий қарор чиқариши эвазига 2 минг доллар талаб қилиб, 600 доллар олган.
Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Шарҳлар