Логопед Дилором Жабборовага нисбатан жиноят иши қўзғатилди, у ўзининг ноодатий “даволаш”и билан танилган эди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган, бир аёл дудуқланган болани сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга урингани акс этган видео бўйича Болалар омбудсмани ўрганиш олиб боргани ҳақида хабар бермоқда.
Болалар омбудсманининг Д.Ж.нинг иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш учун киритган сўрови асосида малакали дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ ўтказган ўрганиш натижасида, педагог Д.Ж.нинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда эканлиги, Д.Ж.нинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган.
«Юнусобод тумани ИИО ТБ олиб борган терговга қадар текширув материаллари Юнусобод тумани прокуратураси томонидан назорат доирасида ўрганилиб, экспертлар ишчи гуруҳи хулосаси ва аниқланган бошқа ҳолатлар асосида, Д.Ж. нинг ҳаракатларида алдаш ва одамларни ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ва унинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган ва жорий йилнинг 27-феврал куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган», – дейилади хабарда.
Ҳозирда Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан мазкур иш бўйича ўз кузатувини давом эттираётганини маълум қилган. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши таъкидланган.
Шарҳлар