Дин Карназес қуриган “Борса Келмас” кўлининг туби бўйлаб 42 км масофани босиб ўтади

Фото: Министерство экологии, охраны окружающей среды и изменения климата Республики Узбекистан

17 сентябрь куни экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва Prorun.uz югуриш мактаби асосчиси Андрей Куликов ташаббуси билан жамоатчилик эътиборини Орол денгизидаги долзарб экологик муаммоларга қаратиш мақсадида марафон ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар беради.

Машҳур америкалик ультрамарафончи Дин Карназес билан биргаликда Куликов Орол денгизидан атиги 60 км узоқликда жойлашган, минтақадаги сув ресурсларидан оммавий фойдаланиш натижасида қуриб қолган «Борса Келмас» кўли туби бўйлаб 42 км масофани босиб ўтади.

Марафондан кўзланган мақсад жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини Орол денгизи экологик фожиасига жалб қилиш, шунингдек, 19-23 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган долзарб глобал экологик муаммоларга бағишланган БМТ Бош Ассамблеясининг 2023 йилги сессиясидаги муҳокамаларни қўллаб-қувватлаш ва кучайтиришдан иборат.

Инсонларни спорт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш байроғи остида бирлаштирган ушбу марафон жаҳон ҳамжамиятини сайёрамиз билан уйғун яшашга чақиради.

Глобал аудиторияни жалб қилган ушбу тадбир фаол иштирок этишни кўзда тутади. Дунёнинг исталган нуқтасидан келган томошабинлар марафоннинг жонли эфирини Экология вазирлигининг YouTube каналида кузатиб боришлари мумкин.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.