Фарғонада диний экстремистик оқимининг аъзоси 12 йилга қамалди

Фото: uza.uz

Олтиариқ туманида яшовчи Абдумутал Абдураҳимов Россия Федерациясида ишлаб юрган вақтида ислом динига қизиқиши туфайли интернет орқали турли маърузаларни эшитган. Хусусан, у “Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий” диний террористик ташкилоти тарафдорларининг Ўзбекистоннинг амалдаги тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга хизмат қилишувчи маърузаларни видео ва аудио материалларни эшитиб, уларнинг таъсирида экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб келган.

У телеграм мессенжери орқали оқим тарафдори М.А. билан алоқа қилиб, ёзишмалар олиб борган. “Ҳизб ат-таҳрир ал-исломий” диний экстремистик оқимига аъзо бўлиб, уларнинг китобларидан виртуал таълим олган. Бунинг натижасида диний ақидапарастликка берилиб, мазкур диний ташкилотга содиқлик қасамёдини қабул қилган ҳамда ойлик даромадидан аъзолик бадали тўлаб келган.

«Жиноятчи Олтиариқга қайтиб келгач, телеграмда турли гуруҳларни ташкил қилиб, унга ўз танишларининг профилларини қўшган. А.Абдураҳимов ақидапарастлик ғояларидан сабоқ бериб келди. Шунингдек, у фаолиятини давом эттириб, бир неча шахсларни ҳам гуруҳига жалб этди ва диний оқимнинг материалларини тарқатди», – дейилади хабарда.  

Тезкор тадбирлар давомида А.Абдураҳимовнинг қилмишлари фош бўлиб, унинг телефонидан олинган далиллар диний оқимнинг материаллари эканлиги тасдиғини топган. Жиноят ишлари бўйича Бағдод туман судининг ҳукмига кўра, у 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.