Сурхондарёда ноқонуний диний таълим берган йигит 15 суткага қамалди
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ноқонуний диний таълим бериш билан шуғулланган 27 ёшли йигитга суд ҳукми ўқилди, деб хабар берди “Газета.uz” MY5 телеканалининг Markaziy studiya кўрсатувига таяниб.
Қайд этилишича, йигит 2024 йилнинг 2 июлидан бошлаб Telegram мессенжерида «Қуръон ва ҳатим» номли гуруҳ ташкил қилган. У 300 минг сўм эвазига 37 кишига диний сабоқ бериб келган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан ушбу диний мазмундаги материаллар ўрганиб чиқилган. Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига кўра, улар ҳеч қандай бузғунчилик ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи, давлат ва конституцион тизимга қарши диний материаллар эмаслиги аниқланган.
Бироқ йигит Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-моддасига асосан диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузган. У жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳри судида айбига тўлиқ иқрор бўлган.
Суд ҳукми билан йигитга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Шарҳлар