Ўзбекистон яна икки давлат билан дипломатик муносабат ўрнатди
Ўзбекистон ва Лихтенштейн ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
«Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Лихтенштейн Князлигининг БМТдаги доимий вакили Кристиан Венвайзер имзолади. Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни кучайтиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топиш учун икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди», – дейилади хабарда.
Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистон билан Европа давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Шу тариқа, Лихтенштейн Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 146-давлатга айланди.
Шунингдек, 6 март куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Белиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланган.
Қўшма коммюнике Улуғбек Лапасов ва Белизнинг БМТдаги доимий вакили Карлос Фуллер томонидан имзоланган.
«Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирдилар. Икки томонлама ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини аниқлаш учун ўзаро алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди», – дейилади хабарда.
Шу тариқа, Марказий Америкада жойлашган Белиз Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 147-давлат бўлди.
Шарҳлар