Диёра Келдиёрова Самарқандда тантанали кутиб олинди (видео)
«Париж-2024» олимпиадаси олтин медали соҳибаси, Ўзбекистон аёл спортчилари орасида биринчи олимпиада чемпиони Диёра Келдиёрова 16 август куни Самарқандда тантанали кутиб олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Президент совғаси – “Tahoe” автомашинасида туғилиб ўсган юртига келган чемпионни йўлда юртдошларимиз олқишлар билан кузатди.
Пастдарғом тумани марказидаги “Янги Ўзбекистон” майдонида ўтказилган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимлиги раҳбарлари Диёра ва унинг оила аъзолари, устозларига ташаккурнома ва қимматбаҳо совғаларни топширдилар.
Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Рустам Қобилов ҳамда Ҳусан Тўхтаев, Пастдарғом тумани ҳокими Шерзод Раҳмонов Диёрани тарихий ғалаба билан табриклади. Дзюдо бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони, Олимпиада ўйинлари ғолиби Диёра Келдиёрова устозларига, уни қўллаб-қувватлаган барча юртдошларимизга миннатдорлик билдирди.
– Бу нафақат менинг, балки менинг ортимда турган, қўллаб-қувватлаган оила аъзоларим, устозларим ва бутун халқимизнинг, сизларнинг ғалабангиздир, — деди Диёра Келдиёрова.
Шарҳлар