«Док-1 Макс» иши бўйича адвокат терговчи томонидан босим бўлгани ҳақида билдирди

Фото: Дарё

Ўзбекистонда 65 нафар боланинг ўлимига сабабчи дея қаралаётган “Док-1 Макс” сиропи бўйича бошланган суд ишининг 11-октябр куни бўлиб ўтган мажлисида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари, судланувчи С.К. ва унинг адвокатларига тергов органи терговчиси томонидан босим ўтказилаётгани маълум қилинди.

Тошкент шаҳар судининг 11 октябрь куни “Дос-1 Макс” препарати бўйича ишни кўраётган йиғилишида судланувчининг адвокати уларга қандайдир босим ўтказилаётганини айтди, деб ёзади «Дарё». Судда 21 киши, жумладан Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари ва дори импорт қилувчи Quramax Medikal компаниясининг директори ҳам бўлган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ директори Сардор Кариевнинг адвокати Темур Раҳматов ўз мижози ва адвокатларга терговчи томонидан босим ўтказилаётганидан хавотир билдирган.

 «Янгиланган конституциямизда адвокатларнинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилинади, деб белгилаб қўйилган. Ҳурматли суд, мен сиздан С.К.нинг адвокатларини ҳимояга олишингизни сўрайман. Чунки кеча ҳимоям остидаги судланувчига янги айблов қўйилгач, Т.У. исмли терговчи кириб, ҳимоям остидаги шахсга “мен сенинг адвокатларингнинг жавобгарлик масаласини кўраман”, деб айтган. Агар биз бирор-бир ножўя ҳаракат қилганимизда, қанақадир тадбир бўлса, бизга айтмасдан қиларди. Лекин бу гапни айтиши ҳимоям остидаги шахснинг бу гапни бизга айтиши ва биз ҳимоя позициямизни ўзгартириш учун айтилдими, билмадим. Ёки қўрқитиш масаласими? — дейди бу ҳақда судга билдирган адвокат»,  — дейди адвокат судга.

Адвокатнинг ёдга олишича, тергов органи ходимининг бу ҳаракати биринчиси эмас.

«Ўтган сафар ҳам гумон қилинувчи чиқарилганида терговчи келиб, “дело”ни тақ этиб ташлаб, имзо кимники, ҳа меники, имзо кимники, сеникими, деб сўраб, менга яна экспертиза сўрайсан, дейди. Мен энди судда экспертиза ҳам сўрашим мумкин эмасми? Мен мана шу ерда (суд мажлиси бўлиб ўтаётган хонани айтмоқда. Таҳририят изоҳи) нарсаларимни қолдиришга қўрқаман. Мана бу ёқда ниқобдагилар юрибди. Бирор нарса ташлаб қўйишса, бирор нима бўлса, ким жавоб беради? Мен бу гапни атайлаб, Оммавий ахборот воситаларининг олдида гапиряпман. Суд ва аппеляция тугагунча агар бизга, адвокатларга бирор нима бўлса, айнан шу позициямиз учун бўлганини ҳисобга олишингизни сўрайман», — дейди Темур Раҳматов.

Судьянинг бу ҳақдаги саволига жавоб берган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ раҳбари, судланувчи С.К. тергов органи ходими унинг ёнига келиб, “Адвокатларингнинг иккитасига сюрприз тайёрлаб қўйдим. Суднинг охирида сюрпризимни кўрсатаман, деди. Ундан олдин ҳам адвокатларинг нима қиляпти, ким билан учрашяпти, телефонда ким билан гаплашяпти, ҳаммасини кўриб, билиб ўтирибмиз, керакли пайтда чорасини кўрамиз, дейишганди. Буни қўрқитиш деймизми, билмадим, шундай шама қилиш бўлган”, — деган.

Мазкур илтимосномани эшитган суд мурожаатни инобатга олганини маълум қилди ва “Сизнинг ҳимоя позициянгизга таъсир қиладиган ҳолатлар аниқланса, бизга мурожаат қилишингиз мумкин”,  деди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.