“Док-1 макс иши” бўйича суд ҳукми ўқилди

Фото: sud.uz

Суд хукмига кўра, “Quramax medical” директори ҳиндистонлик Сингх Рагневдра Пратар Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, унга 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва у жазони ўтаб бўлгач, Ҳиндистонга депортатсия қилиниши белгиланган.

Хабарга кўра,“Фармацевтика агентлигининг собиқ директори Сардор Кариевга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, унга 2 йилу 6 ой муддатда давлат идораларида раҳбарлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарздаги қўшимча жазо берилган”.

Сардор Кариевнинг ўринбосарлари Амирхон Азимов ва Нодирбек Мусаевга 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган ва иккаласи ҳам 2 йилу 6 ой муддатда давлат идораларида раҳбарлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. 

Шунингдек, суд “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситаларидан заҳарланиб, вафот этган 68 нафар марҳум ҳамда 4 нафар соғлиғи ўта оғир аҳволдаги боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 1 миллиард сўмдан компенсатсия тўлаб берилишига ҳукм қилган.

“Соғлиғининг аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 500 миллион сўмдан ҳамда соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 200 миллион сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланди”, – дейилади хабарда. 

Компенсатсия пуллари судланувчилар Сингх Равендра Пратап, Н.Мирзаахмедова, С.Кариев, А.Азимов, Н.Мусаев, Ш.Шодманов ва Ж.Эркиний ҳисобидан солидар тартибда ундирилади. 

Компенсатсиянинг умумий қиймати 75 миллиард 600 миллион сўмни ташкил этади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.