Дорилари Ўзбекистонда болаларнинг ўлимига олиб келган Marion Biotech компанияси саноат пропиленгликолини қўллаган бўлиши мумкин
2022−2023 йилларда дори-дармонлари Ўзбекистонда камида 19 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун мўлжалланмаган хомашёлардан фойдаланган. Ишлаб чиқарувчи пропиленгликоль (сироп учун асос) ўрнига арзонроқ маҳсулотларни ишлатган, деб ёзади «Газета.uz» нашри Reuters агентлигига таянган ҳолда.
Компания пропиленгликолни (ПГ) Maya Chemtech India компаниясидан сотиб олган, агентликнинг хабар беришича, мазкур корхонанинг фармацевтика материалларини сотиш учун лицензияси йўқ, фақат саноат даражасидаги дори-дармонларни сотиши мумкин бўлган.
«Биз Marion уни йўтал сиропларини тайёрлашда ишлатишини билмас эдик. Бизга материалимиз қаерда ишлатилаётгани ҳақида хабар берилмайди», — дейди Maya компаниясининг исми сир қолишни хоҳлаган ходими Reuters агентлигига.
Саноат пропиленгликоли идиш ювиш воситаларида, антифризларда, бўёқлар ёки қопламаларда, шунингдек, пестицидларнинг самарадорлигини оширишда ишлатиладиган заҳарли материалдир.
Ишни назорат қилаётган терговчининг сўзларига кўра, Marion ҳам ушбу ингредиентни Ўзбекистонга сотган сиропларда ишлатишдан олдин синовдан ўтказмаган.
Ҳиндистон дори воситалари ва косметика ишлаб чиқариш қоидаларига кўра, ишлаб чиқарувчилар ўзлари фойдаланадиган ингредиентларнинг хавфсизлиги учун жавобгардир.
Maya Chemtech India ҳозирча айбланувчи сифатида жалб қилинмаган, аммо тергов давом этмоқда, деди компания манбаси.
Шарҳлар