Достон Халилов Ўзбекистондан қочаётган пайтида қўлга олинди
Фарғонада Бахтиёр Қудратуллаев (“Бахти Ташкентский”) билан “яқин жиноий алоқада бўлган” Достон Халилов қўлга олинди, дея хабар беради Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати.
Бошқарма маълумотларига кўра, у уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш ва жиноий вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилаётган тадбирлар доирасида қўлга олинган.
Фарғона шаҳрида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан судланган Халилов Қирғизистонга қочишга уринган пайтда «Дўстлик» чегара постида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган, у 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўзбекистонда кўча тўдалари ва жиноий гуруҳларни қўлга олиш бўйича кенг кўламли амалиётлар давом этмоқда.
Шарҳлар