Тошкент аэропортида 20 ёшли қиз алдов йўли билан Дубайга фоҳишалик учун юборилаётганда тўхтатиб қолинди
Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги назорат тадбирда 20 ёшли қизнинг “одам савдоси” қурбони бўлишининг олди олинди, дейилади ИИББ Ахборот хизмати хабарида.
Ўтказилган тезкор тадбирда Ангрен шаҳрида яшовчи 2004 йилда туғилган А.Р. осон пул топиш мақсадида ўзига таниш бўлган 20 ёшли қиз (С.Т.)ни алдаб, уни мўмай даромад топишга ишонтириб Тошкент халқаро аэропорти орқали Дубай шаҳрига фоҳишалик учун жўнатаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.
Маълумотга кўра, йигит ёш қизни жўнатаётгани учун Дубай шаҳрида яшовчи аёлдан 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган.
Ҳозирда ушланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 135-моддаси (яъни Одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар