Самарқандда эгизак қиз чақалоқлар кўп қаватли уй йўлагида ташлаб кетилган

Видеодан кадр

Самарқанд шаҳри Қорасув даҳасидаги кўп қаватли уйнинг кириш йўлагига туғилганига 4−5 кун бўлган қиз жинсли эгизаклар ташлаб кетилди. Бу ҳақда Sevimli телеканалининг Zamon ахборий дастурида маълум қилинди.

Лавҳага кўра, сумкага устма-уст ҳолатда жойланган чақалоқларни ҳудуд ҳамшираси кўриб қолган.

«Беморларга қараб чиқаётган вақтимда шу ерда [зиналарни кўрсатиб — таҳр.] чекка тарафда турган экан. Мен эътибор бермабман. Кейин йиғлаган овоз эшитилди. Қўлчаларини қимирлатди. Бу нима экан деб қарадиму, врачимга телефон қилдим… Битта болача тагида қолиб кетган, буниси устида. Биттасининг боши бу томонда, бириники бошқа томонда…», — дейди ҳамшира.

Кузатув камералари текширилганда 2 эгизакни ниқоб тақиб олган аёл қолдириб кетгани аниқланди, аммо ҳали унинг шахси маълум эмас.

Хусусий клиника раҳбари Баҳриддин Дониёровнинг тахминича, аёл ўша атрофда яшовчи аҳоли вакилларидан бири бўлиши мумкин, сабаби у ерда клиника борлиги ва биринчи ёрдам кўрсатилишини билган.

Таъкидланишича, эгизакларнинг аҳволи яхши, улар тўлиқ назоратга олиниб, парвариш қилинмоқда. ИИБ ҳолатни ўрганяпти.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.