ЕХҲТ ва ЕП Ўзбекистондаги президент сайловларига баҳо берди
24 октябрда ўтказилган президент сайловлари шуни кўрсатдики, мамлакатда яқинда амалга оширилган ислоҳотлар сабабли кўп кутилган турли ижобий ўзгаришлар бўлганлигига қарамай, улар чин маънодаги плюралистик муҳит ярата олганича йўқ. Куни кеча ўтказилган сайловда бир нечта номзодлар рақобатлашди, аммо бу номзодлар ўзаро ёки сайловчилар билан бирор аҳамиятли мунозара кузатилмаган, қолаверса, номзодлар амалдаги президентга эътироз билдиришдан ёки уни танқид қилишдан тийилишган. Сайлов куни осойишталик билан ўтгани диққатга сазовор, бироқ сайлов куни жиддий процессуал қоидабузарликлар кузатилган, дейишмоқда халқаро кузатувчилар ўзларининг баёнотида.
Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуҳуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ), ЕХҲТ Парламент ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) ва Сайловларни кузатиш бўйича Европа парламенти (ЕП)нинг ҳамкорликдаги миссияси сўнгги пайтларда қонунчилик базаси ислоҳ қилинганини ва кўплаб ўзгаришлар олдинги тавсияларга мувофиқлигини тан олади.
«Сўнгги пайтларда бўлган қатор ўзгаришларга қарамай, мамлакат қонунчилик базасида ҳамон бир қанча камчиликлар бўлиб, у ҳамон демократик сайловларнинг халқаро стандартларига ва ЕХҲТнинг мажбуриятларига тўлиқ мос келмайди. Мамлакат Конституциясида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганлигига қарамай, улар қонуности ҳужжатлари билан чекланган ва амалиётда қўлланилмаётганлигича қолмоқда».
Сайлов куни кузатувчилар ўзлари ташриф буюрган сайлов участкаларининг 11 фоизидаги сайлов жараёнларини салбий баҳоладилар, – дейилади баёнотда.
«Сайлов тинч ва тартибли ўтказилиб, унда жами сайловчиларнинг 80,8 фоизи иштирок этди, бироқ унда кўплаб жиддий қонунбузарликлар кузатилган. Хусусан, кўп сонли сайловчилар тегишли тартиблар қўлланилмаган тарзда сайловчилар рўйхатига қўшилган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ўз сайлов бюллетенларини топшириши ёки бошқалар номидан овоз бериш ҳолатларига йўл қўйилган. Кузатувчилар, шунингдек, бир қанча сайлов участкаларида сайлов қутиларига бир киши томонидан бир нечта бюллетенлар ташланган вазиятларни ҳам қайд этдилар. Кўп ҳолларда овозларни санаш тартиб-қоидаларига риоя қилинмади, сайлов участкаларида эса, натижаларни қайд қилишда номувофиқликлар сабабли, баъзи қийинчиликларга дуч келинди».
«Яқинда бошланган ислоҳотлар – руҳлантирувчи белги», – дейди Европарламент делегациясининг раҳбари Хайди Хаутала. «Бироқ мухолифот партияларнинг сайловларга қўйилмагани ва ҳақиқий рақобат курашининг йўқлиги биз сайловлар кунида кузатган кўп сонли қоидабузарликлар билан бирга демократлаштириш йўлидаги жиддий тўсиқлар бўлиб қолмоқда».
«Мени ва ҳамкасбларимни бутун мамлакат бўйлаб сайлов участкаларида самимий кутиб олганликларидан илиқ ҳиссиётларга тўлиб тошяпман. Биз овоз бериш жараёнини жисмоний имкониятидан ёки тилидан қатъи назар барча фуқаролар учун имконли қилиш учун қилинган саъй-ҳаракатларни баҳоладик. Бироқ, афсуски, айрим сингиб кетган зарарли одатлар ҳамон сақланиб қолган, процедуралар, айниқса овоздарни ҳисоблаш процедураси эса кўп ҳолларда амал қилинмаяпти», – дейди ЕХҲТ ПА делегациясининг раҳбари Даниэла Де Риддер. «Биз гувоҳи бўлиб турган муҳим ҳуқуқий ислоҳотлар давом этишига ва жамият ҳаётининг барча соҳаларига таъсир кўрсатишига, демократик сиёсий маданиятни мустаҳкамлаб, номувофиқ амалиётга нуқта қўйишига ишонишни истардим».
Сайловларда бешта номзод, шу жумладан амалдаги президент ҳам қатнашди. Номзодларни рўйхатга олиш сайланиш учун ўз номзодини қўйиш ҳуқуқига нисбатан, хусусан, сиёсий партиялар номзодларига қўйиладиган ҳаддан ташқари қаттиқ талаблар асосида белгиланди. Шунингдек, партияларни рўйхатга олиш талаблари ҳам ўта оғир ва эркин қўлланилиши қийин белгиланганлиги сайланиш учун ўз номзодини қўйиш ҳуқуқини ноўрин тарзда чеклайди ва сайлов муҳитини плюрализмлик асосида бўлишига тўсқинлик қилиши баробарида сайловчилар танлаши мумкин бўлган сиёсий танловлар сонини камайтиради.
«Номзодларнинг орасида бир нафари аёл киши бўлди. Тенг ҳуқуқлиликнинг конституциявий кафолатлари ва яқинда парламентдаги хотин-қизлар сонининг сезиларли даражада ошганлигига қарамай, ижтимоий ва сиёсий соҳада хотин-
қизларнинг сони етарли даражада юқори эмас».
Амалдаги президент ва номзодлар орасидаги фарқ кўп ҳолларда аниқ кўрсатиб берилмади, натижада амалдаги президентнинг ўзи эгаллаб турган лавозими унинг сайловолди кампанияларида анча қўл келди.
«Номзодларнинг сайловолди кампанияси давомида давлат телеканаллари барча номзодлар ҳақидаги маълумотларни тенгравишда эфирга беришга ҳаракат қилганига қарамай, муайян даражада назорат остидаги аксарият хусусий оммавий ахборот воситалари амалдаги президент фаолияти ҳақида қолган барча номзодлар ҳақидаги хабарларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам кўпроқ маълумот бериб бордилар. Шунингдек, мониторинг қилинган барча ОАВ ҳозирги президент фаолиятини қўшимча тарзда кенг тарғибот қилдилар».
ОАВ учун ахборот муҳити яхшиланганлиги маҳаллий ҳукумат органлари фаолияти ва ижтимоий муаммоларни, хусусан Интернет орқали янада танқидий равишда ёритишга йўл очиб берди. Бироқ ДИИҲБ Сайловни кузатиш миссиясининг (СКМ) ОАВ бўйича қилган мониторинги юқори давлат мансабдор шахслари ва номзодлар ҳақидаги танқидий хабарларнинг деярли йўқ эканлигини кўрсатиб берди.
«ОАВ учун умумий чеклов мазмунидаги ҳуқуқий база, журналист ва блогерларни вақтинча ҳибсда сақлаш, қўрқитиш ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари ҳамда веб-сайтларни блоклаш бўйича ўрнатилган амалиёт ўзини ўзи цензуралашга олиб келди ва кенг жамоатчиликка очиқ бўлган маълумотлар ва қилинадиган таҳлил ҳажмини янада камайтирди».
Миссия таркибида 44 та мамлакатдан 366 нафар кузатувчи, шу жумладан 255 нафар эксперт ҳамда узоқ муддатли ва қисқа муддатли ДИИҲБ кузатувчилари, 99 нафар ЕХҲТ ПА парламентарийси ва ходими ҳамда 12 нафар Европарламент вакили фаолият кўрсатди.
«Сайловларни узоқ муддатли кузатиб боришимиз давомида ривожланиш имконли эканини ва у албатта ислоҳотлар ортидан келишини кўрдик, бироқ олдинда ҳали узоқ йўл турибди», – дейди ДИИҲБнинг сайловларни кузатиш бўйича миссияси раҳбари Оуэн Мёрфи. «Охирги пайтларда оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда муҳит яхшиланаётганига қарамасдан, фуқароларнинг ўз фикрини эркин ва тўлиқ билдириши имконияти ҳамон назорат қилинмоқда».
Шарҳлар