Bo'limsiz

ЕИ дастури доирасида Ўзбекистон давлат органларига 213,3 минг евро миқдоридаги техника тақдим этилди

Фото: https://www.eeas.europa.eu/

15 август куни Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган Марказий Осиёда чегараларни бошқаришга кўмаклашиш дастури (БОМКА 10) Ўзбекистоннинг бир қатор давлат органларига умумий қиймати 213 352 евро бўлган компьютер техникаси ва ихтисослаштирилган ускуналарни расмий тарзда тақдим этди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг мамлакатдаги делегацияси матбуот хизмати хабар беради.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига “Регула” паспортларни ўқиш мосламалари тўплами, “Регула” ҳужжатларни аутентификация қилиш мосламалари, шунингдек, ихчам 1003М-14 лупа қурилмалари топширилди. Чегара қўшинларига тақдим этилган техниканинг қиймати 154 050 еврони ташкил қилди. Таъкидлаш жоизки, улар Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларида ҳужжатларни текшириш ва шахсларни аниқлашда фойдаланилади.

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Божхона институтига умумий қиймати 39 070,81 евролик компьютер техникаси берилди, жумладан, ўқув жараёнини бошқариш бўйича ахборот тизими учун дастурий таъминотга эга сервер – иш станцияси, интеграциялашган ахборот тизимлари учун дастурий таъминотга эга сервер, ўқув жараёнининг мультимедиали визуализацияси, LCD экран ва бошқалар шулар жумласидандир.

Техник имкониятларнинг кенгайиши ўқув жараёнини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиш, кадрлар тайёрлашнинг инновацион шакл ва усулларини жорий этиш, амалиёт ўташ тартибини такомиллаштириш, назарий тайёргарликнинг божхона органларининг амалий фаолияти билан боғлиқлигини таъминлаш имконини беради.

Бундан ташқари, БОМКА 10 Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигига 20 231,31 евро миқдорида компьютер техникасини ҳам тақдим этди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.