,

ЕИ россиялик дипломатларнинг Шенген давлатлари бўйлаб сафарларини чеклаши мумкин

Фото: ТАСС

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 13-пакетига россиялик дипломатларнинг Шенген зонасида эркин ҳаракатланишини тақиқлашни киритиш масаласини муҳокама қилмоқда, деб ёзади Politico нашри Европа Иттифоқи дипломатларидан бирига таяниб.

Ғоя россиялик дипломатларнинг сафарини фақат улар аккредитациядан ўтган давлат ҳудуди билан чеклашни кўзда тутади.

Нашрнинг таъкидлашича, бундай чекловни амалга ошириш осон бўлмайди, чунки Шенген ҳудудида амалга ошириладиган сафарларнинг аксарияти назорат қилинмайди. Бунинг сабаби, Европа Иттифоқининг кўплаб ички чегараларида паспорт назорати танлама асосда амалга оширилади ёки у мавжуд эмас.

Politico  нашрининг қайд этишича, Чехия ўтган йили россиялик дипломатларнинг ҳаракатланишини чеклашга чақирган эди. Хусусан, Financial Times газетаси 2023 йил ноябрь ойида Прага Москва вакилларига фақат мезбон мамлакат ҳудудида ҳаракатланишга рухсат берувчи визалар ва яшаш учун рухсатномалар беришни талаб қилмоқда, деб ёзган эди. Чехия, шунингдек, россиялик дипломатлардан фақат биометрик паспортларни қабул қилиш зарурлигини таъкидлаганди, чунки уларни қалбакилаштириш ёки “сохта идентификаторлар билан боғлаш” қийинроқ.

Чехия расмийлари бундай чекловлар зарурлигини гўёки мамлакатда «Россия махсус хизматларининг агентлари» яшаши ва Шенгенда «буни назорат қилиш қийин» эканлиги билан изоҳлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.