2030-йилгача ҳудудлар босқичма-босқич экологик зоналарга ажратилади
Ҳукумат қарорига кўра, «Экологик транспорт» тизими доирасида ҳудудлар улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида «яшил», «сариқ» ва «қизил» ранглар билан белгиланадиган «тоза», «ўрта» ва «зарарли» экологик зоналарга ажратиб борилади.
“Экологик транспорт” тизими қуйидаги босқичларда жорий этилади:
2024–2026-йиллар биринчи босқичда – Тошкент шаҳрида;
2026–2028-йиллар иккинчи босқичда – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда, заруратга кўра, алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ва дам олиш маскани ва бошқалар);
2028–2030-йиллар учинчи босқичда – бошқа барча ҳудудларда.
«Экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловларини жорий этиш ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш чоралари кўрилади», – дейилади хабарда.
Экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларидан экологик зоналар ҳудудида фойдаланиш тартибига риоя этмаганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланади.
Жарима маблағлари эса мамлакатнинг экологик ҳолатини яхшилашга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мақсадли йўналтирилади.
Ҳудудлардаги экологик зоналар чегараларини белгилаш ҳамда уларни ўзгартириш тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан Экология вазирлиги таклифига асосан амалга оширилади.
Шарҳлар