Эксперт: Россия нега Ўзбекистонда кичик атом электр станцияларини қурмоқда
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистон ҳудудида кам қувватли атом электр станцияларини қуришга рухсат берувчи келишувни имзолашга келишиб олишди. Бу постсовет Марказий Осиёда биринчи шундай келишув бўлади ва унинг шартлари, Мирзиёев айтганидек, Москва билан анча олдин муҳокама қилинган. Мирзиёев, шунингдек, Тошкент Россиядан кўпроқ нефть ва газ сотиб олишдан манфаатдор эканини айтган.
“Путин постсовет мамлакатларида ўз таъсирини кенгайтириш ва кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун ядро реакторларини қуриш жуда мос келади. Бу Ўзбекистон каби мамлакатларда 60 йил давомида россиялик мутахассисларга, ядровий ёқилғи ва ускуналар етказиб беришга қарамликни яратиш имкониятидир”, – дейди “Экозащита!” экологик гуруҳининг ҳамраиси Владимир Сливяк “Кедр” нашрига.
“Росатом” давлат корпорацияси томонидан эълон қилинган ҳужжатларга кўра, янги келишув бўйича биринчи лойиҳа Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятидаги кам қувватли атом электр станцияси ҳисобланади. Россия у ерда ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтитагача ядровий реактор қуришни режалаштирмоқда. Танланган участкада қурилиш ишлари ёзда бошланади. Станцияни 2029 йилдан 2033 йилгача босқичма-босқич фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Ўзбекистонда АЭС қуриш режалари илк бор 2017 йилда муҳокама қилинган эди. Таклиф этилаётган лойиҳага кўра, у “ВВЭР-1200” авлодининг иккита замонавий блокидан иборат бўлиши керак. Уларнинг ҳар бирининг қуввати – 1,2 ГВт гача. Улар Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 15-18 фоизини таъминлайди. 2018 йилда лойиҳа қиймати 986 миллиард рублга баҳоланганди. Станция қурилишининг ҳозирги нархи ҳали эълон қилинмаган. Келажакдаги атом электр станциясининг модели мавжуд “Нововоронеж 2-АЭС” моделида яратилган.Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу станциянинг иккита энергия блокининг нархи 2014 йилда 215 миллиард рублга баҳоланганди.
“Кичик реакторлар узоқ вақт қурилади ва жуда қиммат энергияни ишлаб чиқаради. Ҳозирча “Росатом” кичик реакторларга эга фақат битта атом электр станциясини қуришга муваффақ бўлди. Келажакда бундай реакторларни қанчалик тез қура олиши номаълум. Кичик реакторлар учун ёқилғи оддий АЭСга қараганда анча бойитилган урандан иборат эканлиги хавотир уйғотади. Бу радиация тарқалиш хавфини туғдиради. Кичик АЭСларда авариялар юз бериши мумкин. Улар ишлаб чиқарадиган ядро чиқиндиларини эса минг йиллар давомида қўриқлаш керак бўлади”, – дея хулоса қилади Сливяк.
Шарҳлар