“Экспорт уч қадамда” тизимидан фойдаланиш натижа бермоқда

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси раҳбарияти пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги корхоналарда сайёр учрашув ўтказди. Дастлабки манзил маиший техника буюмларини ишлаб чиқарувчи корхона бўлиб, йил бошидан буён расмийлаштирилган 1439 та экспорт божхона юк декларациялари асосида қиймати 210 млн. АҚШ долларига яқин 12 минг тонна тайёр маҳсулотлар Туркия, Россия, Украина, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистонга каби давлатларга экспорт қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси матбуот хизмати ёзмоқда.

Бу жараёнда “Экспорт уч қадамда” тизимидан фойдаланишга ҳам эндиликда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирга қадар 40 та божхона юк декларациялари айнан ушбу тизим кўмагида тезкорлик билан расмийлаштирилди. Ишлаб чиқариш жараёнларининг кенгайтиришга алоҳида ҳисса қўшаётган омил бу – четдан келтирилаётган хомашё ва технологиялар учун тақдим қилинаётган божхона имтиёзларидир. Мазкур корхонага йил бошидан буён 26,2 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилган бўлиб, бу корхонада ишчи ўринларини кўпайтиришни рағбатлантирмоқда.

«Навбатдаги манзил – савдо белгилари, товарлар учун турли ёрлиқлар чоп қилувчи корхона бўлди. Бизнес ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришда маҳсулотнинг ташқи кўриниши ва бежиримлиги муҳим аҳамият касб этади. Қулай ва эсда қоларли дизайндаги савдо белгиси ҳар қандай харидорни ўзига жалб этиши, шубҳасиз. Бу ерда чоп қилинаётган таниқли савдо брендларининг аксарияти озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли. Эътиборимизни тортгани, Ўзбекистон бозорига кириб келаётган хорижий бренддаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам савдо ёрлиқларини ушбу корхонада чоп этишга буюртма беришмоқда», – дейилади хабарда.

Корхона “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимидан самарали фойдаланиб келмоқда. Жорий йилнинг ўзида мазкур режим остида хориждан келтирилган хомашёни қайта ишлаш натижасида қиймати 360 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи 97.5 тонна тайёр маҳсулотлар Россияга экспорт қилинди.
Сайёр учрашув давомида божхона соҳасига доир кўплаб масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.