Ўзбекистон элчихонаси Актобеда 8 ўзбекистонликнинг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ юзасидан муносабат билдирди
Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси Актобе вилоятида юз бериб, Ўзбекистон фуқароларининг ҳалокатига сабаб бўлган ЙТҲ юзасидан ўз муносабатини билдирди.
“2024 йилнинг 3 апрелида Актобе вилояти, Алға тумани ҳудудидан ўтувчи “Самара-Шимкент” республика аҳамиятига эга автомобиль йўлида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган 8 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзиямизни билдирамиз”, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси Қозоғистон Республикасининг тегишли ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорликда ишламоқда. Ҳолат алоҳида назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 3 апрель куни соат таҳминан 17:00 ларда Қозоғистон Республикаси, Ақтўбе вилояти, Алгин туманидан ўтган Республика аҳамиятига эга “Самара-Чимкент” автомобиль йўлининг 678 км.да “Toyota-Alphard” русумли ҳамда “Volvo” русумли юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Натижада, “Toyota-Alphard” русумли автомобилида бўлган жами 8 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганларни Ўзбекистонга олиб келиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошчилигида махсус борт бугун, 4 апрель куни соат 10:25 да Қозоғистон Республикасига учиб кетди.
Шарҳлар