Истеъмолчиларга 16 январда режадагига нисбатан 106 фоиз кўп электр энергияси етказилган

Фото: uzbekistonmet

16 январь куни электр таъминотидаги узилишлар бўйича келиб тушган 181 та мурожаатнинг барчаси бартараф этилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

«Кеча электр станциялар орқали жами 255 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 107 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 46,1 млн кубометр табиий газ, 23,9 минг тонна кўмир ҳамда 7,9 минг тонна мазут ёқилган. Республика истеъмолчиларига 244,4 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 106 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди. Табиий газ истеъмоли 163,5 млн кубометрни ташкил қилган. Мамлакатдаги 1 минг 371 та метан заправка орқали истеъмолчиларга 13,3 млн кубомет табиий газ сотилди. Автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали 700 тонна суюлтирилган газ етказилди», – дейилади хабарда.

Автобензин ва дизель ёнилғиси ҳам аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 16 январь куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 1 минг 907 тонна автобензин етказиб берилди.

Шунингдек, биржа савдоларига автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун 3 минг 300 тонна автобензин, 1 минг 962 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 2 минг 551 тонна автобензин ҳамда 333 тонна дизель ёнилғиси сотилган.

«Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ҳам ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишлаяпти. Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар тезкор бартараф этиб борилмоқда. Электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган махсус бригадалар туну кун ишлаб, тармоқларда юзага келаётган носозликларни кечиктирмасдан таъмирламоқдалар», – дея қайд этмоқда Ҳасан Тошхўжаев.

Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 7 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик бартараф қилинган.

Хусусан, кучли туфайли соат 11:30 да Самарқанд вилоятида 110 кВли “Л-Промузель” электр узатиш тармоғи 40 МВт қувват билан авариявий ўчган. Оқибатда Ургут тумани ҳамда Самарқанд шаҳридаги 16 мингта истеъмолчи электр таъминотисиз қолган. Соат 13:35 да таъминотдан узилган барча истеъмолчилар бошқа манбалардан таъминланган. Соат 17:45 да носозлик тўлиқ бартараф этилиб, электр таъминоти тўлиқ тикланган.

 Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 233 та мурожаат бўйича ҳам тезкор чора-тадбирлар олиб борилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.