Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб йилига барқарор 7,5 фоизга ўсиб бориши маълум қилинди
Ўзбекистонда 2030 йилгача электр энергиясига бўлган талаб барқарор равишда йилига 7,5 фоизга ошади. Бу ҳақда 26 сентябрь куни Россия энергетика ҳафталигида энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов маълум қилди, деб ёзади “Газета.uz”.
«Биз 2030 йилгача талаб йилига тахминан 7,5 фоизга ўсишини прогноз қилмоқдамиз. Ҳозир бизда бу ҳар йили 7−8 фоиз», — деди у.
Унинг фикрича, бундай шароитда янги авлод манбаларини жорий этиш талаб этилади. Шу муносабат билан Ўзбекистонда 2030 йилгача 20 ГВт қувватга эга қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш назарда тутувчи дастур қабул қилинган.
«Биз қайта тикланадиган энергия манбаларининг умумий улушидаги [энергетика балансидаги] улушини 40 фоизгача оширишни режалаштирмоқдамиз. Ҳозирда қайта тикланадиган энергия манбаларининг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши аллақачон 10 фоизга етмоқда, йил охирига қадар эса биз уни 15 фоизга етказамиз. Шу тариқа ҳар йили тахминан 2,5−3,5 ГВт қайта тикланадиган энергия манбалари жорий этилади», — деди у.
Вазир ушбу дастурни амалга ошириш бошқа энергия манбалари: ГЭСлар, иссиқлик электр станцияларини модернизация ва қуриш билан бир қаторда амалга оширилаётганини таъкидлади.
«Агар ҳозир, бу йил охиригача, бизда иссиқлик электр станциялари қуввати 14 ГВт дан ортиқ бўлса, 2030 йил охиригача бу қувватни 18,5 ГВт га етказамиз. Биз барча энергия манбаларининг ривожланишини ҳисобга олган ҳолда мувозанатлашганмиз. 300 кундан ортиқ қуёшли кунлар ва яхши шамол оқими бор, булардан фойдаланмаслик гуноҳ бўлади», — деди Мирзамахмудов.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда литий-ионли аккумуляторлар негизида электр энергиясини сақлаш тизимлари ишлаб чиқилмоқда.
«Бу йил биз биринчи 300 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимини ишга туширамиз. 2030 йилгача энергия сақлаш тизимлари қувватини 4,2 ГВт га етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, гидроаккумулятор электр станциялари қуриш лойиҳаси ҳам кўзда тутилган, яъни гидропотенциалдан фойдаланилади. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги 100 фоиз лойиҳалар тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳисобига амалга оширилмоқда», — деди энергетика вазири.
Шарҳлар