Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқариш йилига 500 минг донага етказилади
Автомобиль саноатини жадал ривожлантириш ва экологик хавфсизликни ошириш доирасида Президентининг 2024 йил 18-мартдаги ПҚ-132-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикасида электр ва гибрид автомобиллар ва уларнинг компонентларини ишлаб чиқарилишини ташкил этиш” лойиҳаси бўйича инвестиция битими тасдиқланди.
Мазкур қарор инновацион ва экологик тоза транспорт турларини ривожлантириш давлат дастурини амалга оширишда муҳим қадам бўлди. Ҳужжатга мувофиқ, ишлаб чиқариш қувватини йилига 500 минг дона электр ва гибрид автомобилларгача босқичма-босқич ошириш кўзда тутилган.
Инвестицион битимнинг асосий жиҳатлари қуйидагилардан иборат:
- Ишлаб чиқариш қувватларини йилига 500 мингтагача электр ва гибрид автомобилларга босқичма-босқич ошириш;
- ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг 60% даражасига эришиш, бу эса юқори технологияли иш ўринларини яратиш ва маҳаллий саноатни ривожлантиришни назарда тутади;
- Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қилувчи 10 мингта янги иш ўринларини яратиш;
- Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш ва ташқи савдо операцияларидан тушадиган даромадларни ошириш имконини берувчи экспорт географиясини кенгайтириш;
- истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан автомобилларнинг сифати ва хавфсизлигини, уларнинг маҳаллий фойдаланиш шартларига мувофиқлигини таъминлаш, шунингдек кафолатли хизмат кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
- Автомобиль бозорининг барча иштирокчилари учун тенг шароитларни таъминлаш, шу жумладан қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференциялар бериш.
Мазкур қарор Ўзбекистоннинг замонавий ва экологик тоза автомобилсозлик саноатини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини халқаро миқёсда мустаҳкамлашга интилишини ифодалайди.
Шарҳлар