Сирдарёда “Энг фаол талаба” мукофоти таъсис этилди
Сирдарё вилоятидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли, интилувчан, жамоат ишларида фаол, ўзининг аъло баҳолари ва ҳулқи билан тенгдошларига намуна бўлиб келаётган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Энг фаол талаба” мукофоти таъсис этилди. Бу ҳақда Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ўтказилган “Талабаликка бағишлов” тадбирида иштирок этган вилоят ҳокими маълум қилди.
Талабгорларни танлаш ва тавсия этиш ишлари жамоатчилик асосида фаолият юритадиган “ишчи гуруҳи” томонидан амалга оширилади ва якуний натижаси бўйича вилоят ҳокимлигига таклифлар киритилади. Мукофот пули базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача миқдорида этиб белгиланган.
Тантанали тадбирда сўзга чиққан Акмалжон Махмудалиев профессор-ўқитувчилар ва талабаларни янги ўқув йили билан муборакбод этди. Уларга омад ва куч-қувват тилади. Ҳозир билим олишнинг айни пайти эканлиги, “Энг фаол талаба” мукофоти талабалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратишга хизмати қилиши билан бирга уларни янада кўпроқ ўқиб-ўрганишга ундашини таъкидлади.
Тадбир давомида бир гуруҳ фаол талабаларга сертификатлар топширилди. Вилоят ҳокими талабаликка қабул қилинган етти юздан зиёд ёшларга “Мустақиллик дарси”ни ўтди.
Шарҳлар