Эпилепсия касаллигига чалинганлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эпилепсия касаллиги билан боғлиқ янги ҳисобот эълон қилинди. Унга кўра, ҳозир дунё бўйича тахминан 50 миллион киши ушбу дарддан азият чекмоқда, бу ҳақда ССВ матбуот хизмати ёзяпти.
Эпилепсия – турли хил хуружлар ва ҳушдан кетишлар билан намоён бўлувчи бош миянинг сурункали касаллиги бўлиб у халқ орасида тутқаноқ, қуёнчиқ, деб ҳам аталади. Хасталик 70 фоиз ҳолатда 20 ёшгача бўлган даврда ривожланади.
Хабарга кўра, “кейинги даврларда бундай беморлар сони йилига 5 миллион нафарга ортяпти. Уларнинг қарийб 80 фоизи паст ва ўрта даромадга эга мамлакатлар аҳолиси бўлиб мазкур ҳудудларда ҳар 100 000 кишидан 139 нафарига эпилепсия ташхиси қўйилмоқда”.
Шунингдек, ўсиш динамикаси Ер юзида эндемик касалликлар хавфи ортиши, йўл-транспорт ҳодисалари ва туғилиш чоғидаги жароҳатлар кўпайиши, қолаверса, тиббий инфратузилма, профилактика дастурлари ҳамда арзон ва малакали тиббий ёрдам етишмаслиги каби қатор омиллар билан боғлиқ.
Демак, эпилепсия хуружларининг олдини олса бўлади. Бундан ташқари, 70 фоиз беморлар тутқаноққа қарши дорилар ёрдамида тўғри муолажа олиб, бу дарддан холи яшашлари мумкин.
“Аммо кам даромадли мамлакатларда эпилепсияга чалинган одамларнинг тўртдан уч қисми даволанмайди. Ўз навбатида, бундай давлатларда антиконвульсант дорилар таъминоти 50 фоизга ҳам етмайди. Лекин, айрим ҳолларда эпилепсияни бирламчи тиббиёт муассасаларида мураккаб асбоб-ускуналарсиз ташхислаш ва даволаш имконияти мавжуд. Аммо бундай билим ва кўникмага эга мутахассислар барча ҳудудларда ҳам, афсуски, етарли эмас”, – дейилади хабарда.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда, ЖССТ эпилепсия диагностикаси ва муолажасида самарадорликка эришиш учун бирламчи тиббиёт муассасалари ходимларини махсус тайёргарликдан ўтказиш зарур, деган хулосада.
Шарҳлар